28.03.2024, Четверг

“E-IJRO AUKSION” ЯГОНА ЭЛЕКТРОН САВДО МАЙДОНЧАСИ: ҚУЛАЙ ФУРСАТНИ БОЙ БЕРМАНГ ИШБИЛАРМОН ИНВЕСТОРЛАР !

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5552-сон Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, эндиликда, савдоларга чиқарилган давлат мулки объектлари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан ўз ваколатлари доирасида аниқланган кўчмас мулк объектлари инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда - 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нархда сотилиши белгиланди.

Шунингдек, бошқа кўчмас мулк объектлари бўйича – қайта баҳоланмасдан, уларни ўтказиш кунидаги савдоларда шаклланган нархда “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига ўтказилади ва савдога чиқарилади. 

Инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун аукцион ўтказмасдан, инвестор билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали инвестициявий ҳамда ижтимоий мажбуриятлар белгилаган ҳолда ер участкаларини бериш ва бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини белгилаган ҳолда сотиб олиш имконияти ҳам туғилди. 

Унга кўра, тегишли давлат идоралари томонидан давлат мулки объектлари ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотиш тартибини соддалаштириш бўйича эксперимент тартиби белгиланди.

Эксперимент тартиби билан давлат мулки объектлари ва ер участкалари “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида танлов иштирокчисининг инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари инобатга олинган ҳолда сотилади. 

“Электрон онлайн-аукцион савдоларни ташкил этиш маркази” ДУК томонидан ташкиллаштирилаётган электрон онлайн-аукцион савдоларига Республиканинг туман ва шаҳар хокимликлари томонидан 4389 та бўш ер участкалари, 1 трл. 403 млрд. 461 млн. сўм инвестиция киритиш, 22443 та янги иш ўринларини яратиш шарти билан 70 млрд. 192 млн. 600 минг сўм миқдордаги мол-мулклар аукцион савдоларига чиқарилди. 

 Бугунги кунга қадар "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 1829 та бўш ер участкалари 573 млрд. 202 млн. сўм инвестиция киритиш, 7189 дан ортиқ янги иш ўринларини яратиш шарти билан 13 млрд. 879 млн. 800 минг сўмга сотилди. 

Ҳозирда "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 2560 та бўш ер участкалари 67 млрд. 136 млн. 100 минг сўм миқдордаги аукцион савдоларига чиқарилди.

Мисол учун, электрон онлайн-аукцион савдоларига бугунги кунда биргина, Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат рақобат  бошқармаси томонидан 22 та бўш турган давлат мулки объектлари бошланғич баҳоси 1 сўм миқдорида, 158 янги иш ўринларини яратиш ҳамда 7 млрд. 410 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилди.

Бугунги кунга қадар "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида 228 та бўш турган давлат мулки объектлари 2519 та янги иш ўринларини яратиш ҳамда 97 млрд. 158 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан 9 млрд. 883 млн. 228 сўм миқдорга сотилди.

Бугунги кунда "E-IJRO AUKSION" электрон онлайн-аукцион савдоларида жами 161 та бўш турган давлат мулки объектлари 1875 та янги иш ўринларини яратиш ҳамда 122 млрд. 952 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларида мавжуд.

Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат рақобат  бошқармаси томонидан 15 та бўш турган давлат мулки объектлари бошланғич баҳоси 1 сўм миқдорида, 129 янги иш ўринларини яратиш ҳамда 6 млрд. 610 млн. сўм инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларида мавжуд.

Тадбиркор ва инвесторлар ўзларига маъқул бўлган ер участкаларини ҳамда бўш турган давлат мулки объектларини онлайн-аукцион савдоларида қатнашиб сотиб олиш имкониятлари мавжуд.  

АУКЦИОНДАГИ ИШТИРОКИНГИЗ ЮРТ РАВНАҚИ  ҲАМДА БИЗНЕСИНГИЗ ТАРАҚҚИЁТИГА УЛКАН ҲИССА ҚЎШАДИ