29.03.2024, Жума

Инсон қадри учун

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бошчилигидаги республика идоралараро ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман-шаҳарлари аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, таълим, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳалардаги муаммоларини манзилли бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.


Ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг келиб чиқиш омиллари ишсизлик ва даромад манбаи йўқлиги деб оладиган бўлсак, албатта бу муаммоларнинг ечими «маҳаллабай» иш услубини ҳаётга тўғри татбиқ этиш ҳисобланади. Шу боис ишчи гуруҳ, сектор раҳбарларининг ташаббускорлиги ҳамда амалга ошираётган ишларининг натижадорлигини танқидий таҳлил қилмоқда.



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.03.2022 йилдаги ПҚ-167-сонли «Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар» тўғрисида қарорида меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш, маҳаллаларда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини қарор топтириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган эди.

Мазкур устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ишчи гуруҳ масъуллари Нукус шаҳарида жойлашган «Қум овул» маҳалласида нуроний ва меҳнат фахрийлари билан учрашди. Учрашувда кекса авлод вакиллари билан дилдан суҳбат қурилди, уларнинг муаммолари ва таклифлари тингланди. Нуронийлар бундай юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирдилар. Ёш авлодни тарбиялаш, маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантириш, оила-турмуш масалларидаги муаммоларни ҳал этишда фахрийларимизнинг ўрни беқиёс эканлиги масъуллар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Кейинги манзил Нукус шаҳридаги «Теле орай» маҳалласи бўлди. Мазкур маҳаллада ижтимоий аҳволи оғир ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари ҳамда сектор раҳбарларининг жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ишлари ўрганилди.

 

Нукус шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати