28.03.2024, Пайшанба

Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинди


Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Давлат раҳбари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамлар ҳаётини яхшилаш бош мақсад этиб белгилангани, бу тамойиллар бюджетни шакллантиришда ҳам бош мезон бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Шу боис келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида, аввало, ижтимоий йўналишларга катта эътибор қаратилган. Хусусан, таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Президентимиз бу маблаққа қўшимча тарзда яна 12 триллион сўм ажратиш таклифини билдирди. Чунки ҳудудлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, келгуси йилда 55 та янги дастур амалга оширилиши белгиланган.

Жумладан, чекка жойларда 1 минг 600 та болалар боғчаси ташкил этиш, Миллий таълим дастури доирасида 40 та янги мактаб қуриш ва 235 тасини таъмирлаш, дарсликларни янгилаш ҳамда компьютер синфлари очиш каби кўплаб чора-тадбирлар мўлжалланган.

Олий таълим тизимида ҳам вазифалар кўп. Хусусан, бакалавр йўналишида давлат грантлари, магистратура ва докторантурага қабуллар сонини ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида ётоқхоналар қуришга субсидия бериш ҳамда 80 мингдан ортиқ талабалар ижара харажатларининг бир қисмини қоплаш кўзда тутилган.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини ривожлантириш ҳамда ҳудудларда юқори технологик тиббий хизматларни жорий этишга келгуси йилда жами 8 триллион сўм ажратилиши мўлжалланмоқда. Шундан 1 триллион сўми онкогематология, эндокринология, буйрак ва жигарни кўчириш каби дастурларга йўналтирилади. Коронавирусга қарши эмланганлар сонини 17 миллион нафарга етказиш, эҳтиёжманд аҳолига ихтисослашган тиббий хизматлар учун ҳам зарур маблағ ажратилади.

Президентимиз муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш зарурлигини таъкидлаб, бунинг учун қўшимча маблағ йўналтиришни таклиф қилди.

Давлат бюджети лойиҳасида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш масалаларига ҳам кенг ўрин берилган. Уй-жойлар ва ижтимоий объектлар қуриш, маҳаллаларни обод этиш чора-тадбирлари учун 26 триллион сўм ажратилиши режалаштирилган.

– Бу соҳаларга шу кунгача бундай катта маблағ берилмаган. Энди буни тартибли, самарали тарзда жой-жойига етказиш керак. Шунинг учун ҳар бир дастур бўйича ажратиладиган маблағларни мақсадли кўрсаткичлар билан боғлаган ҳолда, электрон назорат тизимини жорий этиш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бюджет тизимида молиявий назоратни кучайтириш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунинг учун темир интизом билан, давлат харидлари тизимида ошкораликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Молия вазирлигига келгуси йил 1 январдан тендерларни инсон омилисиз ўтказиш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, барча бюджет ташкилотлари бухгалтериясини тўлиқ рақамлаштириш, давлат харидлари бўйича ҳисоб-китобларни электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари бюджет лойиҳасини маҳаллий кенгашлар, тадбиркорлар ва аҳоли билан муҳокама қилиш, уларнинг таклифларини Олий Мажлисга муҳокамага киритиш лозимлигини таъкидлади.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.


uza.uz