29.03.2024, Жума

Тўрткўл туманида Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбир бўлиб ўтди

Куни кеча Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманига Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Язгулы Мамедов ташриф буюрди.

Ҳурматли меҳмонга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири Р. М. Реимов, Тўрткўл тумани ҳокими Р.А.Шамуратов ва бир гуруҳ делегация аъзолари ҳамроҳлик қилдилар.


Делегация аъзолари дастлаб  “Отаюрт” овул фуқаролари йиғинидаги 51-сонли  умумтаълим мактабига борди.

Меҳмонлар мактабнинг инфратузилмаси билан танишиш билан бир қаторда ўқувчи ёшлар билан учрашдилар. Мактабдаги информатика ва туркман тили фанлари бўйича дарс ва бадиий тўгараклар фаолияти ва қишлоқда ташкил қилинган замонавий дизайн ва қулайликларга эга Маданият марказининг фаолияти ва тўгараклар ишлари билан танишдилар.

 Шунингдек, бу ерда  Қорақалпоғистон Республикаси Туркман миллий маданий маркази фаоллари  билан учрашув ҳам ташкиллаштирилди.


 Маданият марказининг 200 ўринли томошалар залида тадбир иштирокчилари учун Бердақ номидаги миллий театр қатнашчилари, қорақалпоқ Санъат институти талабалари ва Тўрткўл тумани маданият саройи ходимлари томонидан бадиий ва мусиқали  концерт дастури намойиш этилди.


Кейинги манзил туман марказидан 70 км олисдаги  “Пахтаобод” овул фуқаролар йиғинида жойлашган барча қулайликларга эга замонавий  типдаги 27-сонли мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда болажонлар учун яратилган имкониятлар ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб етишишига имкон беради. Болажонлар томонидан ижро этилган ҳарбий-спорт ва миллий чиқишлар барчага хуш кайфият бахш этди.


Тадбир жараёнида Тўрткўл  туманининг “Пахтаобод” овули таниб бўлмас даражада гўзал қиёфага бурканди. Обод овулда миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашни тараннум этган “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Уч авлод учрашуви” тадбирлари бошлаб юборилди.

Овулдан кираверишда ташкил қилинган катта  дарвозанинг ҳар иккала томони туманда ишлаб чиқарилаётган миллий ва замонавий дизайнда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасида жам бўлди.


Бир томонда ўзбек, туркман, қозоқ ва қорақалпоқ миллий куй ва қўшиқлари жаранглаётган бўлса, бир томонда ёш спортчилар ўзларининг жисмоний машқларини намоийш қилдилар. Бир томонда туманда ишлаб чиқарилаётган енгил саноат корхоналари маҳсулотлари эгаллаган бўлса, яна бир томонда  тумандаги драйвер соҳаларининг маҳсулотлари ўрин олди.

 

 Айниқса байрам ўтказилиш саҳнасининг ҳар иккала томонида ташкил қилинган турли миллат вакилларининг қорауйлари ва уларнинг атрофида ташкил қилинган миллий ҳунармандчилик буюмлари, фольклор экспозициялар байрамнинг янада ўзига хос жозибали тарзда ўтишига сабаб бўлди.

“Пахтаобод” овули марказидаги катта ва кўркам боғда ташкил қилинган байрам тадбири турли миллат вакилларидан иборат уч авлод вакилларининг унутилмас онлари ила муҳрлангани шубҳасиз.

Зеро, ушбу “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғояси асосида миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирда  сўзга чиққан  Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, фавқулодда вазиятлар вазири, генерал лейтенант Т.А.Худайбергенов,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Туркманистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Язгулы Мамедовлар миллатлараро ҳамдўстлик ҳамда уч авлод вакиллари учрашувининг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.


Тадбир давомида Республикада меҳнати сингган марҳум давлат арбоблари хотирланди. Бугун ёшларга ўрнак ҳаёт йўлини давом эттираётган катта авлод вакиллари эътироф этилди ва келажагимиз бунёдкорлари бўлган илмли, интилувчан ва шижоатли ёшлар ишлари тилга олинди.


Шунингдек, бугунги кунда намунали тарзда фаолият юритаётган бир гуруҳ юртдошларимиз “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тантанали равишда мукофотланди.

 

Тўрткўл тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати