28.03.2024, Пайшанба

Қорақалпоғистоннинг келгуси тараққиётини белгилаб берган ташаббуслар

Муносабат 

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 29 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида 2020 йилда амалга оширилган ишларга тўхталиб, жорий йилда олдимизда турган устувор вазифаларни белгилаб берди.

Ўтган йил бутун инсоният учун оғир кечди. Шундай бўлса-да, мамлакатимизда олиб борилган халқпарвар сиёсат, ижтимоий ҳимояга берилган катта эътибор туфайли осойишта ҳаёт, барқарор иқтисодий ривожланиш давом этаётир.

Албатта, бундай ижобий натижалар замирида ўтган тўрт йил давомида Президентимиз томонидан қабул қилинган аниқ мақсад ва вазифаларни ўзида жамлаган Фармон ва қарорлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳужжатлар халқимизнинг обод турмушини таъминлаш ҳамда уларга қулай шарт-шароит яратиш, иқтисодиётимизни мустаҳкамлаш, аҳоли даромадларини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш,  қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, умуман, барча соҳаларни янада такомиллаштиришга муҳим асос бўлди.

Шу маънода,  янги Ўзбекистон қиёфасида янги Қорақалпоғистон шаклланмоқда десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бунга ёрқин мисол сифатида Президентимизнинг алоҳида эътибори ва ташаббуси билан Оролбўйидаги яшаш шароити оғир бўлган Мўйноқ туманида атиги икки йилда амалга оширилган ишларни келтириб ўтиш кифоя. Хусусан, туманда 20 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди, 100 километр масофадан ичимлик сув олиб келинди. Кўплаб корхоналар, ижтимоий объектлар ишга туширилди ва янгиларини барпо этиш давом этмоқда. “Мўйноқ аэропорти” янги лойиҳа асосида қайтадан қурилди.

Президентимизнинг 2019 йилда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ушбу элнинг яна бир орзуси ушалиб, Бўзатов тумани ташкил этилди. Нафақат ташкил этилди, балки бир йил ичида бутунлай ўзгача кўринишда намоён бўлди. Замонавий иморатлар, спорт иншоотлари, равон йўллар — Бўзатов халқи учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Шунингдек, энг олис ва чекка Тахтакўпир туманида ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ҳудуд янги қиёфа касб этди.

Марказий Осийдаги глобал даражадаги муаммо — Орол денгизи қуришининг оқибатлари эканлиги ҳеч биримизга сир эмас. Нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун минтақанинг ғам-ташвишини ўзи учун бегона санамайдиган Президентимиз дунё ҳамжамияти эътиборини такрор ва такрор ушбу масалага қаратиб келаётганлиги эса глобал ҳалокатнинг нақадар долзарблигини кўрсатиб турибди.

Хусусан, 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясидаги нутқида илгари сурилган ташаббус асосида, Оролбўйи минтақаси учун БМТ шаъфелигида Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик Траст жамғармаси ташкил этилган эди. Ҳозиргача ушбу жамғармага 26 миллион доллар жалб этилган бўлса, яқин икки йилда яна 250 миллион доллар жалб этилади. Ушбу маблағлар ичимлик суви, аҳоли саломатлиги ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, экология, ирригация-мелиорация тизимларини яхшилаш лойиҳаларига йўналтирилади.

Орол денгизининг суви қуриган тубида “Яшил қопламалар” ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш мақсадида 1 миллион 167 минг гектар майдонда саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Бу ишлар ҳозирда ҳам қизғин давом этмоқда ва жорий йилда 450 минг гектар майдонда экилади.

Давлатимиз раҳбари 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг видео-конференция тарзида ўтказилган сессиясидаги нутқида эса Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш бўйича ташаббус билан чиқди. Орол муаммоси бўйича ишларнинг мантиқий давоми сифатида, Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича доимий ишловчи қўмита ташкил этилди.

Албатта, ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва унинг аҳолиси ҳаётини яхшилаш, шу жумладан, фуқаролармизнинг соғлигини асраш, бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш имкониятларини яратмоқда.

Ўз навбатида, бундай кенг кўламли амалий чора-тадбирлар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаб, уларни беқиёс яратувчанлик ишларига руҳлантирмоқда.

2021 йил мамлакатимизда Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилинишини барча катта мамнуният билан қарши олди.

Ҳақиқатан ҳам, олдимизда турган катта марра ва вазифаларга эришишда биз бугун ёшларга таянамиз ва ёшларга ишонамиз. Билимли, кучли, иқтидорли ёшлар ҳар қандай муваффақиятларни забт этишга қодир бўлади. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз. Демак, бугунги ёшларимиз учун барча қулай шароитларни яратиш олдимиздаги устувор вазифалардан.

Қорақалпоғистон Республикасининг географик хусусиятига кўра, аҳоли пунктлари олис ва чекка ҳудудларда жойлашган. Ушбу олис ва чекка ҳудудлардаги таълим муассасаларини педагог кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳозирги кунга қадар муаммо бўлиб келаётган эди. Шу боис чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Мурожаатномада айнан бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишлаганлар учун,  100 фоиз устама ҳақ тўланиши белгилаб берилганлиги, шубҳасиз, олис ва чекка ҳудудлардаги мактабларни педагог кадрлар билан таъминлаш ва таълим сифатининг юксалишига замин яратади.

Бундан ташқари, бу йил Қорақалпоғистонда 29 та мактабни қуриш-таъмирлаш ва моддий-техник базасини яхшилаш мақсадида бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 15 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди.

Нукус шаҳрида 16 қаватли “IT-PARK” фойдаланишга топширилади. Бу ерда, ёшларнинг стартап лойиҳалари амалга оширилади,  ахборот-коммуникация технологиялари музейи,  кўргазма ва ўқиш хоналари ташкил этилади ҳамда 1 мингдан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланади.

2020 йили олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёрдамга муҳтож оилаларнинг 253 нафар фарзандларига 1,5 миллиард сўмлик бир йиллик шартнома тўловлари тўлаб берилди. Жорий йилда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қорақалпоқ халқининг бетакрор шоирлари Бердақ ҳамда Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендиялари таъсис этилади.

Ўтган йилни тиббиёт соҳасида ҳам туб бурилиш йили бўлди, деб айтиш мумкин. Чунки шу вақтгача биз асосий эътиборни касалликларни даволашга қаратган бўлсак, эндиликда Президент ташаббуси билан унинг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, хотин-қизларнинг саломатлигини сақлаш орқали, келгуси соғлом авлодни шакллантирган, бутун халқ саломатлигини таъминлаган бўламиз. Шу мақсадда жорий йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул бериш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси уч йилда 28 та “оилавий шифокор” пункти ва учта оилавий поликлиника ишга туширилади. “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган 20 дан ортиқ врачга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади.

Жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш орқали — аҳоли саломатлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Хусусан, 4 та спорт иншоотини реконструкция қилиш орқали 16 та спорт тўгараклари ташкил этилади. Шаҳар ва туман марказларида ҳамда маҳаллаларда “Workout” ва “Streetball” майдончалари ташкил этилади. Спортнинг армрестлинг, қўл жанги, бадминтон, қиличбозлик, байдарка ва каноэда эшкак эшиш турлари бўйича ҳамда “Мега спорт”, “Отам, онам ва мен — спортчи оиламиз” спорт мусобақалари ўтказилади.

Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар асосида жорий йилда “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳисобига камбағалликни қисқартириш масаласи барча раҳбарларнинг биринчи даражали вазифаси бўлади.

Айтиш жоизки, янги йилни маҳалла раислари билан мулоқот қилишдан бошладик ҳамда ҳар бир маҳалла ва овулларга масъул раҳбарлардан иборат ишчи гуруҳ бириктирилиб, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш бўйича янги тизим яратилмоқда.

Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш учун Президентимизнинг ўтган йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда  Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тарихий ҳужжат бўлди. Мазкур қарор билан халқнинг ҳаётини яхшилаш ҳамда барча шаҳар ва туманларни, соҳаларни жадал ривожлантиришга хизмат қиладиган келгуси уч йилга мўлжалланган 21,2 триллион сўмлик 2 минг 788 та лойиҳани ўз ичига қамраб олган дастур белгилаб олинди.

Қорақалпоғистонликлар ушбу муҳим ҳужжат бўйича амалга ошириладиган вазифалардан руҳланиб турган бир пайтда давлатимиз раҳбари 2020 йил 5 декабрь куни яна бир муҳим ҳужжат — “Қорақалпоғистон Республикасида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорга имзо чекди.

Бу қарор ҳам Оролбўйида яшовчи бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган аҳолининг турмуш фаровонлигини яхшилашга замин яратадиган муҳим ҳужжат бўлди. Айни чоғда, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланувчи кластер ва фермерларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада ошириб, янги марраларга руҳлантирди. Негаки, сув — барча ҳудудларда ҳам ҳаёт манбаига қиёсланади. Лекин Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Қорақалпоғистон учун, таъбир жоиз бўлса, сув  ҳаёт-мамот масаласи.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга, барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилган муҳим қарорлари, ғамхўрликлари барча қорақалпоғистонларнинг қаддини кўтарди. Эртанги кунга бўлган ишончини, меҳнат қилишга бўлган шижоатини осмон қадар юксалтирди. Барча бўғиндаги раҳбарлар, давлат раҳбарининг ана шу ишончига ҳамоҳанг тарзда халқни рози қилиш, зиммасига юкланган вазифаларни сидқидилдан бажаришга бор куч ва салоҳиятини сафарбар қиляптилар.

 

Қаҳрамон САРИЕВ,

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгашининг Раиси.

 

Манба: xs.uz