29.03.2024, Жума

Диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш барқарор тараққиёт кафолати


Барча замон ва маконларда турли дин ва миллатларга мансуб аҳоли орасида мустаҳкам ўзоро тотувликнинг мавжудлиги барқарор ривожланиш омили ва кафолатларидан бири бўлиб келган. Бу эса ўз навбатида жамиятда ҳаётий муҳим бўлган ҳуқуқларнинг, хусусан диний эркинликларнинг таъминланганлигига ва миллий ўзига хос маданиятларнинг ҳимояланганлигига асосланган.

 

 

Бугунги Ўзбекистон учун ушбу йўналишда мустаҳкам давлат сиёсатини олиб бориш азалий қадриятлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимиз Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Олий Мажлис ва халқига Мурожаатномасида бу борада илгари сурилган ташаббуслар ҳам, яъни диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференция ўтказиш ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг резолюцияси асосида ҳар йили 30 июль санасини Халқаро дўстлик куни сифатида нишонлаш тўғрисидаги таклифлари айнан шундай данёқарашнинг мамлакатимизда юқори давлат сиёсати даражасига кўтарилганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шубҳа йўқки, бу – бутун дунё халқлари учун ҳам жуда муҳим ва зарур дунёқарашдир. Зеро, диний эркинлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасидаги вазифаларнинг нақадар долзарблигини дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятнинг оғирлашуви шароитида кўплаб минтақаларида миллатлараро ва конфессиялараро зиддиятларнинг кучайганида ҳам кўриш мумкин.

Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро тотувликни ҳамда диний эркинликларни таъминлаш борасида чуқур ўйланган сиёсат асосида амалга оширилаётган зарур чора-тадбирлар жамиятимизда, мамлакатимиз фуқаролари орасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш доирасида амалга оширилаётган ўзгаришлар натижаси ўлароқ мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро мулоқотни янада ривожлантириш механизмлари такомиллаштирилди ҳамда фуқароларнинг диний эркинликларини кенгайтиришнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари мустаҳкамланмоқда.

Сўнгги уч йил давомида миллатлараро муносабатлар ва дин соҳасида 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари ва 40 га яқин қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг аксарияти фуқароларнинг дини ва миллатидан қатъий назар ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, жумладан, уларнинг жамият ва давлат ишларини бошқариш жараёнида иштирок этиш имкониятларини оширишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Хусусан, диний ташкилот фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатлари адлия идораларидан судларга ўтказилиб, уларнинг фаолияти эркинлигининг ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди. Диний ташкилот ҳисоботларини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди. Бундан буён диний ташкилотлар фақат йилда бир марта ҳисобот тақдим этиши белгиланди. Диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи миқдори беш бараварга камайтирилди.

Ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни (янги таҳрири) лойиҳасининг биринчи ўқишда қабул қилинганлигини кўрсатиш жоиз. Бу борада ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарурати 1998 йилда қабул қилинган амалдаги Қонунни мамлакатимизда сўнгги йилларда кечаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда ўзгартириш ҳамда фуқароларнинг виждон эркинликларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашдан иборат.

Яъни, янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасини қабул қилишнинг асосий мақсади виждон эркинлиги кафолатларини янада кучайтириш, ҳар бир инсон учун хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат. Хусусан, янги таҳрирдаги Қонун лойиҳасига киритилаётган ўзгартишларга асосан аҳолимиз орасида анча йиллардан буён муҳокама қилиб келинаётган муаммоли масалалардан бири – “фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришлари”га йўл қўйилмаслик ҳақидаги чеклов олиб ташланмоқда.

Шунингдек, мамлакатда миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясининг қабул қилиниши ҳам муҳим қадам бўлди.

Ушбу сиёсат доирасида, турли миллат ва элатлар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни шакллантириш бўйича янги институционал тизим жорий этилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилди.

Эътиборли жиҳати, ушбу ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар билан кафолатланган диний ва миллатлараро муносабатлар соҳасида умумэътироф этилган ҳуқуқ ва эркинликларни, юртимиздаги ҳозирги диний вазиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва бевосита Ўзбекистон шароитида конфессиялараро ва миллатлараро муносабатлар шаклланишининг тарихий шароитларини ҳам ҳисобга олган ҳолда олиб борилмоқда. Ушбу омилларни инобатга олиш зарурати мамлакатимизда яшовчи турли миллатлар ва элатлар вакиллари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг мувозанатини мустаҳкам сақлаш, уларнинг диний эътиқодлари ва миллий ҳис-туйғуларини ҳурмат қилишни таъминлашнинг муҳимлигига асосланади.

Шу нуқтаи-назардан қаралганда, Ўзбекистондаги барқарорликни ҳамда давлат ва жамият тараққиётини мамлакатда истиқомат қиладиган 130 дан ортиқ миллат вакилларининг ўзаро тотувлигисиз, расман рўйхатдан ўтган 16 та дин ва конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик муносабатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳалқаро ҳамжамият ҳам мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳоламоқда ва Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибасига катта қизиқиш билан қарамоқда. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус Резолюцияни қабул қилиш ташаббуси муҳим халқаро қадам сифатида эътироф этилди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Шунингдек, 2020 йилда, бутун дунёни қамраб олган оғир эпидемологик шароитга қарамай, мамлакатимизда анъанавий ва онлайн шаклда ташкил этилган ҳамда диний бағрикенглик, миллатлараро муносабатлар мавзуларига бағишланган 10 га яқин халқаро конференцияларда ҳам мамлакатимизда шу соҳада олиб борилаётган сиёсат хорижий экспертлар томонидан ижобий баҳоланди. Бундай анжуманларнинг ташкил этилиши Ўзбекистонда мазкур соҳада катта тажриба тўпланганини кўрсатади.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ҳамда шу соҳадаги мутахассислар билан конструктив мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зейд Раад Ал-Хусейннинг ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) Миллий озчиликлар бўйича Олий комиссари Ламберто Заниернинг мамлакатимизга ташрифи чоғида ушбу ташкилотлар мутахассислари томонидан Ўзбекистонда миллатлараро ва динлараро муносабатларни янада мустаҳкамлаш соҳадаги ўзгаришларга юқори баҳо берилди.

Шу ўринда яна бир муҳим ҳамкорлик – 2017 йилда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлакатимизга БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси – Аҳмад Шаҳиднинг ташрифи хусусида тўхталиб ўтиш лозим. Ушбу мутахассиснинг мамлакатимиздаги мутасадди давлат идоралари ҳамда тегишли жамоат ташкилотлари вакиллари билан ўтказган мулоқотлари натижасида мамлакатимиз учун ишлаб чиқилган тавсиялари асосида 2018 йилнинг май ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси дин ва эътиқод эркинлиги таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқлади ва амалга оширилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур йўналишда эришилган муҳим натижалардан бири сифатида, 2020 йилда АҚШ давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинлик борасида “алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар” рўйхатидан чиқарганини ҳам кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Эндиликдаги вазифа – ушбу эътирофни янада мустаҳкамлашдан иборат.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва миллатлараро муносабатлар соҳасида янгича ёндашув ҳамда стратегик мақсадни бирлаштирган тизим шаклланганидан далолат беради ҳамда бу тинчликни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, барқарор ривожланиш учун замин яратиши шубҳасиз.


Шафоат Нуруллаева,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директор ўринбосари

ЎзА