28.03.2024, Пайшанба

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида бўш турган ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини ҳар бир туман (шаҳар) кесимида минимал қийматини тасдиқлаш ҳақида

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР КЕНГАШИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 


 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида”ги ПФ-5780-сонли Фармонининг 
10-банди, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик 
ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш 
чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги Низом талабларидан келиб чиқиб, бўш турган ер участкаларини “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига электрон онлайн-аукционга чиқарилишини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

 

1. Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бўш турган ер участкаларини “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига электрон онлайн-аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2020 йил 5 июндаги ШЕ/06-02/1100-сонли, Давлат солиқ бошқармасининг 2020 йил 9 июндаги 15-04817-сонли ҳамда 
Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг 2020 йил 4 июндаги 
452-сонли тавсияларига асосан берган таклифлари маъқуллансин.

2. “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб, Нукус шаҳар 
ва туманларда бўш ер участкалардан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг 
(0,01га майдони учун) 2020 йил 2-ярим йиллик учун минимал қиймати иловага мувофиқ белгилансин.

3. Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимликларига тадбиркорлик 
ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бўш турган ер участкаларини “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасига электрон онлайн-аукционга чиқариш учун Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қиймати ҳар бир туман (шаҳар) учун сотишнинг бошланғич нархини ҳисоблашда мазкур қарор иловаси билан тасдиқланган мезонлар асосида амалга ошириш вазифаси юклатилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 
20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1023-сонли қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги Низом талабларидан келиб чиқиб, архитектура ва режалаштириш топшириғини (кейинги ўринларда АРТ деб аталади) ишлаб чиқиш учун - энг кам базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорларда белгиланганлиги ҳамда АРТ ишлаб чиқиш қиймати туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан АРТ ишлаб чиқилган кунда тўлиқ тўлаб берилиши инобатга олинсин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бўш ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг минимал қиймати ушбу қарор тасдиқланган санадан эътиборан бир иш куни ичида «YERELEKTRON» ААТга киритилиши топширилсин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимликлари “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш учун ер участкаларининг жойлашган ҳудудидан келиб чиқиб ҳар бир туман (шаҳар) бўйича бўш ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқининг (0,01 га майдони учун) минимал қийматини 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигини кўриб чиқиш юзасидан жорий йилнинг 1 декабрига қадар Вазирлар Кенгашига таклиф киритсинлар.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (В.Жоллибеков), Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (А.Шамуратов), Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (Б.Мадаминов), Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги (С.Мамбеткадыров), Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси (К.Артиков) аукцион ғолиблари билан биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тизимли назорат ва мониторинг юритсинлар.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Давлат молиявий назорати бошқармаси (Б.Утамбетов) ер участкасига бўлган ҳуқуқларни “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукцион орқали сотишдан Нукус шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг махсус ҳисоб-рақамларига келиб тушган маблағларни ўз вақтида ва амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда маҳаллий бюджетларга йўналтирилишини назоратга олсин.

9Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2020 йил 
16 мартдаги 86-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

10. Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясига (Н.Жақсимуратова), Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникация бошқармаси (А.Бекмуратов), Қорақалпоғистон Ахборот агентлигига (Б.Нурабуллаев) ва “Еркин Қарақалпақстан” ҳамда “Вести Каракалпакстана” газеталари таҳририятига (К.Реймов) мазкур қарорни белгиланган тартибда аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мақолалар чоп этиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш тавсия этилсин.

11. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгилаб қўйилсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари (Ж.Ембергенов, Б.Хабибуллаев, С.Хожаметов,) зиммаларига юклатилсин.


Қорақалпоғистон Республикаси

ВазирларКенгашининг Раиси                                                              Қ. Сариев