29.03.2024, Жума

Бугуннинг қаҳрамони

Бугуннинг қаҳрамони
Пандемия даврида халқимиз саломатлигини ҳимоя қилишда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда Миллий гвардия хизмати, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчилари ҳам фидоийлик кўрсатмоқда. Улар республикамиз ҳудудида санитар-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш учун туну кун меҳнат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан уларни бугуннинг том маънодаги қаҳрамонлари десак, асло муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг 23 июль куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳи Президентимиз фармонига кўра фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди. Улар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Нукус шаҳар бўлими инструктор-қутқарувчиси Ринатдин Зийнешов ҳам бор. Қаҳрамонимиз “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди.

Р. Зийнешов Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин хавфсизлиги хизматида бир неча йилдан буён фаолият юритади.Хизмати давомида кўп маротаба катта ёнғинларни бартараф қилишда қатнашган. Ёнғин сабаб имконсиз шароитда қолган инсонларнинг умрини сақлаб қолишдаги жасорати таҳсинга лойиқ. Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида сув омборининг бузилиши оқибатида юз берган қийинчиликларни бартараф қилишда, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида яшил майдон ташкил қилиш ишларида ҳам қатнашган. Республика ҳудудида олиб борилаётган оммавий дезинфекция ва карантин қоидаларини назорат қилишда фаол иштирок этмоқда.

– Ҳозир бутун дунё аҳли мураккаб даврни бошидан кечирмоқда, - дейди Ринатдин Зийнешов. – COVID-19 вируси билан кўплаб инсонлар касалланаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишда аҳолининг имкон борича уйда қолиши, жамоат жойларида тўпланмаслиги муҳим аҳамиятга эга.

photo_2020-08-04_10-53-48.jpg

photo_2020-08-04_10-53-51.jpg

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат), ЎзА