29.03.2024, Жума

Бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар тақдирланди

 Бугун, 27 май куни Нукус гарнизонида хизмат қилаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон мудофаа вазири ва мудофаа вазирининг ўринбосари номидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда жонбозлик кўрсатиб, халқимиз тинчлигини сақлаш, осойишта ва хотиржам ҳаётини таъминлаш йўлида кўрсатган фидойилиги, хизмат вазифаларини бажаришдаги жонбозлиги, ҳарбий хизматчиларга намуна бўлганлиги ва ташаббус кўрсатганлиги учун мудофаа вазирининг эсдалик совғаси билан Нукус гарнизони ҳарбий коменданти майор Фарид Рашаев ҳамда фахрий ёрлиғи билан ҳарбий қисм батарея командири майор Абдураҳмон Тўлашев тақдирланди.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда  Коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш, ватандошларимиз саломатлигини ҳимоялаш ҳамда аҳоли ўртасида касалликдан ҳимояланиш бўйича олиб борилаётган дезинфекция ва тарғибот-ташвиқот профилактик тадбирларда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Хизмат вазифаларини сидқидилдан бажарганлиги, “Энг яхши ахборот-психологик таъсир ўтказиш аудио материали” танловида фаол иштирок этганлиги, кўрсатган ташаббускорлиги ва ижодкорлиги учун Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази бошлиғи капитан Зухриддин Алижонов мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўрибосари томонидан фахрий ёрлиқ билан рағбатлантирилди.

Тақдирланган ҳарбий хизматчиларга фахрий ёрлиқ ва совғаларни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев тантанали тарзда топширди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати