28.03.2024, Пайшанба

Маҳсулотлар экспорти - иқтисодий барқарорлик асоси

Қорақалпоғистон Республикаси экспорт салоҳиятида ҳудуднинг ўзида ўстирилган пахта толасидан “ип калава” маҳсулотини ишлаб чиқариш “полиэтилен” экспортидан кейинги етакчи ўринда туради.

Бугунги кунда айнан ушбу маҳсулотни сифатли ишлаб чиқариб, жаҳон бозорларига олиб чиқаётган 10дан ортиқ корхоналар мавжуд бўлиб, ҳозиргидек қалтис шароитда ҳам карантин талабларига қатъий амал қилинган ҳолда мазкур корхоналарнинг барчасида иш жадал суръатларда олиб борилмоқда.  Бунинг натижасида товарлар экспорти амалга оширилиб, мамлакатимизга валюта оқими ҳамда маҳаллий аҳолининг иш билан таъминланиб, турмуш даражасининг барқарорлиги таъминланмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари Қанликўл туманида жойлашган “KANTEKS INVEST” маъсулияти чекланган жамиятида бўлиб, корхона фаолияти билан яқиндан танишишди.  Экспортга чиқарилаётган рақобатбардош маҳсулот ҳажмини янада ошириш юзасидан тавсиялар берилиб, давлатимиз томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имконият ва тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди. Экспортга йўналтирилаётган товарларнинг божхонада расмийлаштирилуви юзасидан яқиндан амалий кўмак берилди.

Диёримизда етиштирилган пахта толасидан енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариб, чет давлатларга экспорт қилиш билан шуғулланувчи мазкур йирик тўқимачилик корхонаси, Президентимиз ташаббуслари билан 23 миллион евро миқдорида киритилган инвестиция ҳисобидан ўтган йилнинг биринчи чорагида Қорақалпоғистон Республикасининг Қанликўл туманида 10 гектар ер майдонда қад қўтарган эди. Германия, Швейцария, Ҳиндистон ва Туркия каби давлатлардан келтирилган сўнги русумдаги тўқимачилик дастгоҳлари билан таъминланган мазкур корхона йил бошидан Туркия, Россия, Польша каби давлатларга 4945 млн АҚШ доллари миқдоридаги 2103 тонна ип калава маҳсулоти экспортини амалга оширган.

Бугунги кунда бу каби корхоналарнинг карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини жадал ва барқарор давом эттираётгани -мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг натижасидир.